Ёдгор Обид: Бир қўшиқ тарихи

Бундан ўттиз- қирқ йиллар аввал Ўзбекистон идораларида ва расмий муомалаларда кўп атамалар русча сўзлар билан ифодаланарди. Масалан, „ёзувчилар союзи“, „ поэзия совети“, „қўшиқ совети“ каби… Она тилимизда чиройликкина „кенгаш“ сўзи бор, лекин уни ишлатиш ҳеч кимнинг хаёлига келмасди.

Келган чоғда ҳам бу оддийгина фикрни бировга айтиш, таклиф қилиш хатарли бўлгани учун бутун Совет Иттифоқи тарихи давомида ҳечким бирнарса демаган. Қандай бўлса – шундай ҳазм қилиб кетаверган. Мустақиллик даврида бу масала қандай ҳал қилинганидан хабарим йўқ. Алоқам узилганига йигирма йилдан ошди. Ҳарқалай орада тил учун курашлар бўлиб ўтди. Тилимиз- давлат тили деган мақомга эришилди… Ватанимиз эса, мустақил давлат сифатида бошқа кўплаб мамлакатлар ҳукуматлари томонидан расман тан олинди… Бунга қай йўллар билан эришилгани эса- бошқа мавзу.

Саксонинчи йиллар бошларидан бошлаб, мен ўша „Ёзувчилар союзи“ номи билан юритиладиган ташкилотда „ поэзия совети“да консултант ( адабий маслҳатчи) бўлиб ишлардим. „Қўшиқ совети“га эса шоир Туроб Тўла раҳбарлик қиларди. Ниҳоятда эътиқодли коммунист ва яҳши инсон, бировга ёмонлиги йўқ эди. Оллоҳ унинг гуноҳларини кечирган ва раҳматига муносиб кўрган бўлсин. Кўп тарихий, ҳозир ҳам кўпчиликка номаълумлигича қолиб келаётган воқеъаларнинг жонли шоҳиди бўлиб, „ вақти- соати етиб келмагунча бировга оғзимдан гуллаб қўймаслик“ шарти билан Усмон Носирнинг қай ҳолатда қамоққа олингани, ёзувчи Ойбекни қандай тергов қилганлари ва бошқа кўп воқеъаларни гапириб берарди.

Мен ундан кўпинча „ Туроб ака, бунинг вақти- соати қачон келади?“ деб ғашига теккандай бўлардим. Ундаги қўрқув туйғусини мен табиий ҳол деб билардим. Шундай кунларнинг, шундай ишларнинг гувоҳи бўлган одам юрагини олдириб қўйган бўлиши турган гап. „ Ишқилиб бундай ишлар сенларнинг бошларингга тушмасин“ деб қўярди. Унинг эътиқоди бўйича, бу ишларда партиянинг айби йўқ, ҳукумат тепасига чиқиб олган баъзи одамларнинг хатоси эди…

Шу одам қўшиқ советига раҳбарлик қиларди. Қўшиқ ёзишни касб қилиб олган шоирлар гуруҳи бўлиб, машҳур „тўйлар муборак“ қўшиғининг муаллифи Собир Абдулла, Ҳабибий, Акмал Пўлат, Ўткир Рашид, Пўлат Мўмин, Барот Исроил, Султон Қўқонбек, ўша пайтлардаги ички ишлар министри Ҳайдар Яҳъёев, Нормурод Нарзуллаев кабилар етакчи қўшиқчилар ҳисобланишарди. Улар учун қўшиқ матнларининг ўзига ҳос қоидалари, ички қонунлари мавжуд эди. Асосан матннинг коммунистик ғоявийлигига, очиқ қофияли, равон ва жарангдорлигига қаттиқ эътибор қаратиларди. „ Тўйлар муборак“ – ҳалқ қўшиғига айланиб кетган, аслида „Тоҳир-Зуҳра“ фильми учун ёзилган.

Бизнинг ёшлигимизда бирорта тўйнинг шу қўшиқсиз ўтганини билмайман. Кейинроқ Туроб Тўланинг Муҳаббат Шамаева айтган „ Кўчалар, кўчалар, ойдин кўчалар“ қўшиғи машҳур бўлди. Ҳечбир қўшиқ ўз- ўзидан машҳур бўлмайди. Ҳалқнинг ўзиги хос удумларидан келиб чиқиб, унинг эҳтиёжларига жавоб бўлаоладиган қўшиқлар- халқ юрагига тез йўл топади. Биз, ўша йилларнинг ёшлари ҳам бу қўшиқларни севардик. Лекин негадир қўшиқчи шоирларга бироз кинояли ёндошардик…

Қўшиқ бошқа, ҳақиқий шеърият бошқа деган тушунчанинг миямизда ўрнашиб қолишига, аслида, ёшлар ва ёшлик эмас, ҳукуматнинг шу борада олиб борган маҳсус сиёсати эди. Кўпинча йиғилишларда сўзга чиққан нотиқлар „ Шеър – бу коммунистик шиор! „ дейишарди.

Айниқса қўшиқлар матнлари қаттиқ эътибор билан назорат қилинарди. Мен ўз даврининг энг машҳур шоири ҳисобланган Чустий билан бирнеча бор учрашгандим. Шундай шоирни муҳаббат мавзусида ёзилган ғазаллари сабаб бадном қилишган эди. Ўта ҳассос шоирнинг аслида бундан бошқа гуноҳи ҳам бўлмаган. Аввал ёзувчилар союзидан ўчиришди, кейин, адашмасам, ўн йилча сибир қамоқхоналарида ётиб чиқди. Сарвар Азимов раислик қилаётган пайтлар мен у кишини қабулхонада учратдим. Сарвар Азимов – Ҳамид Олимжоннинг яқин қариндоши.

Домла Чустий айни Ҳамид Олимжон раислиги даврида жазоланган. Қизиғи шундаки, бизга Ҳамид Олимжоннинг ҳам муҳаббат ҳақида қўшиққа айланган ажойиб шеърлари маълум ва биз бу шеърларни завқ билан ўқиймиз. Бу ерда гап- мавжуд сиёсатдан ким қандай фойдалана олганлигида бўлса керак… Раҳматли Туроб Тўланинг айтишича, „ҳамкасблар орасида ҳам, таниш – билишлар орасида ҳам қадр- қиммат қолмаган пайтлар бўлган. “ Чустий домла ҳозирги сиёсий ҳаракатлар бошланмасдан олдинроқ бу ғалвали оламни тарк этди… Бу гапларнинг ҳаммаси- энди тарихга айланиб қолди. Ҳозир эса мен бошқа нарса ҳақида айтмоқчиман…

Ҳуллас, мусиқа ёзиш ва эфирга бериш учун ҳарбир қўшиқ матни ана шу қўшиқ совети муҳокамасидан ўтказилиши керак эди. Акс ҳолда қўшиқ дунё юзини кўрмай ғойиб бўларди. Умуман, барча шеърий асарлар, китоб қўлёзмалари учун ҳам шундай тартиб белгиланганди. Ёзувчилар союзи муҳокамасидан ўтмаган асарнинг нашрга тушиши ҳам амри маҳол. Бу тўсиқни ёнлаб ўтиш учун катта амалдор бўлиш керак… Масалан, Ҳайдар Яҳъё даражасида.

Иш ҳонамда навбатдаги муҳокамага янги қўлёзмаларни тайёрлаб ўтиргандим. Кўзим қоғозда. Эшик очилиб, кимдир кириб келганини ҳам сезмабман.

Кечирасиз, сизга бир илтимос билан келгандим…
Бошимни кўтариб қарасам, қаршимда ёшгина, ниҳоятда кўҳлик бир аёл турибди. Одатдаги салом- алик ҳам йўқ. Савол назари билан қарадим. Ўтиришга таклиф қилишни ҳам унутибман. Кимлигини ҳам сўрамабман…

У менга бир варақ қоғозни узатиб:

„ Шуни кўриб, бироз тузатиб берасизми?… Шу ҳолича тўғри келмаябди. Мен айтишим керак эди… Мен Кумуш Раззоқоваман“ деди. У пайтлар ёш, бугунчалик машҳур эмасди.

Мен қоғозни олиб, матнга қарадим. Ё ниҳоятда саводсиз бир одам ёзган, ё менсимаслик билан палапартиш битилган шеър шаклидаги бир бало… Мен эса қаттиқўллигим сабаб кўп дакки эшитиб юрган пайтларим.

„ Буни тузатиб бўлмайди… Ким ёзган ўзи?“ Ҳаёлимдан „ Ўзи ёзган бўлса керак“ деган гап ўтди.
„ Ҳайдар Яҳъё ёзган. Илтимос. Фақат сизнинг қўлингиздан келади дейишди…“

У ҳамон тик турар, мен эса нима дейишимни ҳам билмасдим. Бу қизнинг қўлидан осонликча қутулиб бўлмайдиган…

„ У ер- бу ерига қалам уриш билан тузатиб бўлмайди. Майли, ҳоҳласангиз, қайта ёзиб беришим мумкин. Эртага бир хабар оларсиз“ дедим. Ҳуллас, эртасига янги қўшиқ матнини олиб кетди. Радиода ўша қўшиқни тез- тез эшиттириб туришарди. Албатта, Ҳайдар Яҳъё номидан.

Орадан кўп ўтмай Ҳайдар Яҳъё ишдан олинди. Мен касалхонада эдим. Радиодан Кумуш Раззоқова ижросида „Дуторим“ қўшиғини эълон қилишди. Сўз муаллифи- Ёдгор Обид…
Шеърият ва мусиқа тарихида шунақа воқеъалар ҳам бўлиб туради…

Орадан кўп ўтмай касалхонадан чиқдим. Иш бошладим. Иш кунларимнинг бирида хонага яна Кумушхон билан нотаниш бир эркак кириб келди. Ҳозир аниқ эслайолмайман, ҳарҳолда Али Ҳамроев деб ўйлайман. „ Водиллик келин“ номли филм ишланаётганини, шу фильмга саккизта қўшиқ ёзилиши кераклигини айтишди. Қўшиқ ёзиш қўлимдан келмаслигини айтиб кўрдим. Қўшиқчиликнинг махсус мутахасислари бор…

„Йўқ, биз сиз билан ишламоқчимиз“ дейишди. Эртасига Ўзбеккино студиясига бордим. Фильмнинг қўшиқ айтиладиган жойларини қўйиб беришди. Пульт ёнида Али Ҳамроевнинг кичик ёшли ўғли. Пухта ишбилармонлардек, операторга „ ундай қил, бундай қил“ деб, русчалаб, топшириқ бериб турибди. Қўшиқ матнлари синхрон бўлиши керак. Русча матнини москвалик машҳур бир қўшиқчи шоир ёзибди. У матн менга ёқмади. „Бу ўзбек айтадиган сўзлар эмас. Таржима қилмайман. Истасангиз ўзим ўзбекона матнлар қилиб берай“ дедим. Рози бўлишди.Икки ҳафта орасида саккиз қўшиқ матнини олиб бориб бердим.

Бу сафар боришимда мени Кумуш, Али Ҳамроев билан бирга бастакор Фарруҳ Зокиров ҳам кутиб олди. Бу санъаткорлар сулоласини Ўзбекистонда билмайдиган одам бўлмаса керак. Бирнеча марта марҳум, таниқли ҳонанда Карим Зокиров билан ҳам кўришиш насиб қилганди. Кўктерак мавзеъсидан нарироқда, Ўткин қишлоғи ( кейинроқ „Собир Рахимов” колхозига айлантирилган) бўлиб, отахон хонанданинг ўша қишлоқдаги бир оила билан қариндошчилиги бор эди. Шу қишлоққа ҳар борганда уй эгалари меҳмонлар қаторида, ёш бўлишимга қарамай, мени ҳам таклиф қилишарди. Ўша пайтлар район газеталарида тез- тез шеърларим кўриниб тургани учун бўлса керак… Яна билмадим. Ҳарқалай, бир чеккада ўтириб, катталарнинг Карим ота билан суҳбатларини мириқиб тинглардим.

Карим ота ниҳоятда камтар, суҳбатда салмоқли одам эдилар. Шундай ўтиришлардан биридан чиқишда „ шоир бўлинг- ҳалол бўлинг, ўғлим“ деб, бошимни силаб қўйганлари ҳам эсимдан чиқмайди. Лекин бу гаплардан дунёга машҳур, раҳматлик Ботир Зокир, Луиза хоним, Фарруҳ Зокирлар, албатта, бехабар. Айтмоқчиманки, Зокировлар фақат санъаткорлар сифатида эмас, намунали инсонлар сифатида ҳам юртдошлар орасида ҳурматга муносиб эдилар.

Ҳуллас, мен ёзган матнлар мусиқасини шу оила фарзанди- Фарруҳ Зокир ёзганди. Саккиз қўшиқдан биттасини Илёс Маллаев айтиши керак экан. Матн- эски шахар ҳақида. „ Эски шахар“ сўзлари жарангдар эмаслигидан бироз нолигани эсимда . Трамвай ҳайдовчиси тилидан айтилган… Қолган қўшиқлар кўпчилик томонидан яҳши қабул қилинди. Раҳматли Илъёс Маллаев билан яқинлигимиз бор эди. Афсус, яқинда бу ажойиб, ўзига хос санъаткордан ҳам айрилдик. Унинг хотирасига вақти билан билган- кўрганларимни ёзарман. Ҳозир шуни айтишим мумкинки, айниқса тор чертишда беназир эди…

Фильмда айрилиқ саҳнига мансуб „ Унутма мени“ қўшиғи таъсирли чиқди. Бир ўтиришда ёзилган ва таҳрир ҳам қилиб ўтирмай топширганман. Қўлёзма шаклида. У пайтлар машинка қилдириш учун ҳам пул топиш малол эди. Лекин гонорар олиш учун кассага бориб, навбатда турганимда бир воқеанинг шоҳиди бўлдимки, ҳаёти мендан ҳам ночорроқ санъаткорлар бор экан. Менинг орқамдан бир ёш актриса, ундан нарида – ўрта яшар бир эркак тургандилар. суҳбатларига қараганда бир- бирлари билан яҳши таниш. Ёш аёл бироз турмушдан нолигандай гапирарди. Орқароқда турган таниши:
-Қанча оласиз? – деб сўради.
-Уч ярим сўм…- жавоб берди аёл.

Мен буни эшитиб, ҳайратландим. Юртга танилган санъаткор уч ярим сўм учун навбатга турса!… Балки бу бир ҳодисадир. Умумлаштириш ноўриндир. Биз ёшлар барча саньаткорларни яҳши, тўкин- сочин яшашади деб ўйлардик. Ундай эмас экан. Бунга кейинроқ ҳам кўп марталар гувоҳ бўлдим…. Мен эса ўша қўшиқлар матни учун, хато қилмасам, 280 ё 290 сўм гонорар олгандим. Бу мен учун катта пул эди!

Ҳуллас, „ Унутма мени“ ўша пайтларнинг ўзидаёқ эътибор қозонди. Ҳаёт- айрилиқлардан иборат эмасми, ҳали- ҳамон оғиздан тушмай келади. Кумуш Раззоқовадан бошқа ҳам кўплар айтабошлади. Ҳатто орадан бирнеча ўн йиллар ўтиб, президентнинг эрка қизи ҳам айтибди. Бу ҳақда аввал телефон орқали қизим ҳабар бериб қолди: „ Нега айтади у сиз ёзган нарсани…тузукроқ айтса ҳам гўргайди..“ Мен унга „ қўябер, қизим, ҳарким қўлидан келганча айтаберади“ деб тинчитгандай бўлдим. Орадан кўп ўтмай „ Русское Слово“ газетасида Гулнора Каримованинг ҳонандалигига бағишланган мақола пайдо бўлди.

Таниш-билишлар менга телефон қилабошлашди. Амстердамдаги бир йиғилишда шу қўшиқнинг икки киши- Кумуш Раззоқова ва солиштириш учун Гулнора Каримова ижролари ҳақидаги фильмни намойиш қилишди. Менинг назаримда, бу қўшиқни ҳечким Кумушхонимдек меъёрига етказиб айтолмаган ва айтолмаса ҳам керак. Қолаверса Кумушхон сўзни ҳис қилаолади, шеърни яҳши тушунади, юракдан кумуш жаранги билан, дард билан айтади. Бу ва бошқа қўшиқлар „ қўшиқ совети“ муҳокамасидан ўтмаган.

Кейинги йиллар давомида ватанда айрилиқлар кўпайиб кетгани учун бўлса керак, бу қўшиққа қизиқиш яна кучайди. Яқинда „би-би-си“ радиоси Кумуш Раззоқова билан очиқ суҳбат уюштирди. Кўплаб танишларим телефон қилиб, „шу масала юзасидан савол берайлик“дейишди. Мен уларга „ Савол беринглар, лекин сиз истагандай жавоб ололмасангиз керак. Чунки Кумуш ҳарқалай Ўзбекистонда яшайди. Қолаверса, „ Би-би-си“ ҳам масаланинг бу томонларини ҳисобга олиши керак. Арзимаган нарса деб ҳаётини, ижодини хатарга қўймасалар керак“ дедим. Айтганимдай, шундай саволлар тушган кўринади, Кумушхон „ Энди бу қўшиқ меники эмас, Фарруҳ Зокировники“ деб жавоб берибди. Тўғри жавоб.

Яқинда Ўзбекистондан келган шоир дўстим Собит Мадалиев ҳам шу қўшиқ устида қандайдир жанжал бўлганини, лекин тафсилотидан бехабар эканини айтганди. Қандай бўлишидан қатъий назар, қўшиқ яратилган, эл қалбидан жой топган экан, шуниси муҳим. Гулнора Каримова эса матн муаллифи кимлигини билмаган бўлиши мумкин. Шунчаки, кўзи тушган, ёқиб қолган ва айтабошлаган. Президент қизига муаллифнинг қизиғи йўқ. Ҳаётнинг ўзи бунинг жавобини беради. Менга қолса, шеър ҳам, қўшиқ ҳам шоирнинг қалбидан отилиб чиққан, парвозини бошлаган қуш каби. У энди эркин. Адашмасам, Кумуш Раззоқованинг жавобларида ҳам ҳудди шу маъно бор эди.

Аслида, дастлабки куй басталанган шеърим бундан бирнеча йиллар, Москва адабиёт институтига бормасдан аввал ёзилган эди. Радионинг қўшиқ бўлимида ишлайдиган Нуриддин исмлик бир дўстимиз таклиф қилди. Рауф Парфи ва бир- икки дўстлар бирга бордик. Нуриддин бизни студияга ўтқазиб, чой берди. „ҳозир бир нарса қўйиб бераман, чой ичиб ўтириб, эшитинглар“ деди. Эшитдик. Бу- менинг:
Умид бўлиб келдим ёнингга,
Умид билан куйладим мен ҳам.
Умид бўлиб жону-жонингга
Қани энди сингиб кетолсам…
Умид билан келдим ёнингга…

сўзлари билан бошланадиган шеърим эди. Фарғоналик бир ёш хонанда ўзи куйга солиб айтибди…Афсус, шеърнинг давоми ёдимда йўқ. Мен бирнарса деёлмадим. Рауф Парфига эса куй маъқул бўлмаганди. Унинг гапи эсимда бор: „ ”Буни шундай айтиш керакки, эшитган одам ўрнидан туриб кетсин! Биз эса ҳазиллашиб: „ Ҳозир туриб кетаверамиз“ деб кулгига олгандик. Бу қўшиқнинг кейинги тақдири ҳам, бошқа кўплаб қўшиқлар тақдири каби менга номаълум.

Москвада эканимда дўстим,таниқли журналист ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Олег Панфилов телефон қилиб, тожикистондан бир тожик хонандаси ижроси қайд этилган тасма олиб келганини, унда менинг қўшиқларим ҳам борлигини айтиб қолди. Кейин олдим ва эшитб кўрдим. Ижрочи менга нотаниш. Лекин яхшигина овоз билан ширин айтган экан. Ҳозир қайси шеърим қаерда куйга солинган, қандай айтилаябди, билмайман. Шуни яхши биламанки, Ўзбекистонда ҳечким менинг матним эканлигини билиб туриб, очиқ айтолмаса керак. Айниқса- саҳнада ва радио- телевизорда.

Бир вақтлар ҳаммага яхши таниш дўстимиз Дадахон Хасан „ от-а, от, итваччалар“ номли Наманган воқеъалари кунлари ўша ерда, майдонда туриб ёзган ва катта митингда ўқиб берган шеъримни куйга солиб айтганди. Яна баъзи бошқа шеърларимни , жумладан, „ Сотилмаган киминг қолди, Туркистон“ни ҳам айтгани ҳақида эшитгандим. Ҳарҳолда, Дадахондек бастакор, шоир ва хонанданинг менинг сўзларимга эътибор берганидан мамнунман. Шахсан ўзим дунёнинг кўп мамлакатларида бўлдим, ҳушовоз, юксак талантли хонандалар ҳаржойда бор. Лекин ўз ҳалқига бу қадар жонкуяр, фидокор хонандани учратмадим…

Форарльбергда яшайдиган бир Австриялик бастакор ҳам еттита шеъримга куй басталабди. Исми- Томас Турнҳер. Бирнеча марта концертларида бўлдим ва ўзбек муаллифи матнлари билан айтиладиган қўшиқларга ижобий эҳтирос билан кўрсатилган муносабатлардан кўнглим кўтарилди.

Мен бу гапларни, балки, ёзиб ўтирмаслигим керак эди. Кўп андиша ва мулоҳазалардан кейин, ҳайриҳоҳ дўстларимизнинг илтимосларини ҳисобга олиб, баъзи нарсаларга изоҳ бериш маъносида ёзишга қарор қилдим. Умид қиламанки, нокамтарликда айбламасалар.Эҳтимол айтиб ўтилган гаплар орасида ким учундир, қандайдир фойдали нуқталар чиқиб қолар…